NABIJON BOQII

Page 87

МУҲАММАД ИБРОҲИМБЕК «Ҳисор экспедицияси» деб номланган болшевикларнинг босмачилари 1921 йилнинг 1 март куни Амир Олим ва унинг беш юздан ортиқ ландовур мулозимларини Шарқий Бухоро ҳудудидан сиқиб чиқаради. Амир ҳам, ашаддий амалпараст кимсалар ҳам Афғонистонга қочиб ўтиб, жонларини сақлаб қолади. Шундан кейин ўтган бир ойлик муддат ичида Амударё қирғоқларига бориб туташган Шарқий Бухоро кенгликларида Шўро ҳокимияти ўрнатилади. Ҳар бир туманга қизил қўшин тарафидан инқилобий қўмитанинг маҳаллий раислари тайинланади. Шўро тузуми талабларига жавоб берадиган маъмурий бошқарув идоралари фаолият кўрсата бошлайди. Бироқ, Шўро ҳукумати Шарқий Бухорода бор-йўғи бир ойгина умр кўради, холос. Май ойидан эътиборан бутун Шарқий Бухоро ҳудудида рус босқинчиларига қарши оммавий халқ қўзғолонлари авж олиб кетади. Қоратегин, Дарвоз, Кўлоб, Болжувон туманларида жойлашган қизил аскарларнинг постхоналари тор-мор этилади. Қизил босмачиларнинг халқ қасоскорлари тиғидан омон қолган бўлтаклари шошилинч равишда Душанбе шаҳрига қочиб келиб, мудофаага ўтади. Бу шаҳарда сараланган ҳарбий бўлинмалар қолдириладию «Ҳисор экспедицияси»нинг асосий қувватлари Шарқий Бухородан олиб чиқиб кетилади. 15 август куни экпедиция шармандали равишда Шарқий Бухорони узил-кесил тарк этади. Ҳисор водийси Иброҳимбек қўмондонлиги остида бир тану бир жон бўлиб бириккан лақай мужоҳидлари қўлига ўтади. Москвада ўтирган болшевикларнинг пайтавасига қурт тушади; етти ухлаб тушига ҳам кирмаган воқеа рўй беради – Амир Олим «тирик мурда» бўлиб қолади, лекин халқ ўлмаган экан... Уни ким бошқаряпти? Қандай бошқаряпти? Дунёнинг олтидан бир қисмида соф ғалабага эришган Шўро ҳокимияти, наҳот, Шарқий Бухоро деб аталадиган қолоқ бир ўлкада атиги бир ойгина омонат бўлиб турса? 87


Issuu converts static files into: digital portfolios, online yearbooks, online catalogs, digital photo albums and more. Sign up and create your flipbook.